Nastyaning hikoyasi

Бу уринишлар бармоғингни кесиб олиб, ярангни даволаш учун қўлингни оловга тиқишдек гап экан

У ўз ойисини рози қилолмади, бошқа қизлар каби эркак киши билан оила қуролмади ва охири ўзини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилди. Ўзбекистонлик пансексуал қизнинг ҳикояси

Менинг исмим Настя Черепанова. Ёшим йигирма бешда. Тошкентда яшайман. Мен пансексуалман.

Мен ёшлигимдан жинсларга бўлиниш йўқ, деб ҳисоблардим. Мен эркаклар билан ҳам, аёллар билан ҳам бирга бўлишни хуш кўрардим. Ўсмирлик давримда менга йигитлар ҳам, қизлар ҳам ёқарди. Жинс билан боғлиқ муаммолари бўлган кишиларни ҳеч қачон тушунолмаганман ва ҳозирда ҳам тушунолмайман. Мисол учун, бирор бир кимсанинг фъел-атворини отасиз ўсгани билан изоҳлашса, мен ҳайрон қоламан. Уни дунёга келтирган оддий бир шахснинг жинсини бунга нима алоқаси бор, дейман.

Гендер билан боғлиқ муаммоларга ўсмирлик давримда дуч кела бошладим. 14 ёшимда мени қиз бола эканлигимдан келиб чиқиб баҳо беришлари ғазабимни келтирарди. Масалан, кўкрагимнинг катталиги ёки сочимнинг рангига қараб ақл-идрокимга баҳо беришарди. Ёки қиз бола эканлигим учун менга нима мумкин-у, нима мумкинмаслиги ҳақида гапиришарди. Мен бундан қўрқардим, бу каби қоидалар нима учунлигини тушунмасдим. Гўёки атрофимдагилар ниманидир билишарди, мен эса бундан бехабар эдим. Ҳаммаси қандайдир ёқимсиз, нохуш ўйинга ўхшар эди.
БЕГОНА ЖИНЛАР
Ўшанда, ўн тўрт ёшимда, менда илк бор пансексуаллик аломатлари намоён бўла бошлади
Бисексуаллардан фарқли ўлароқ пансексуаллар ҳар иккала жинс вакилларига қизиқишмайди, балки жинсий муҳимликни умуман назардан қочиришади. Пансексуалларда трансгендерларга, бигендерларга ва гендернинг бошқа турларига нисбатан майллик бор.

Менга ўз дугонам ёқарди. Бу қизиқарли ва тушунарсиз ҳолат эди. Мен унга бу ҳақида гап очишдан қўрқардим. Охир-оқибат унга ўз ҳиссиётларим ҳақида сўзлаб беришга қарор қилдим. У менга: "Сендан қўрққим йўқ, дўстлашишда давом этамиз", деди. Мен дугонамга қачон, қандай қилиб ва нималарни ҳис этаётганимни айтиб бердим. Натижада у менинг муҳаббатим жиддийлигини тан олди, аммо ушбу севгига севги билан жавоб беролмаслигини билдирди. Бироқ иккимиз ўзаро яқин ва ишончли алоқаларни сақлаб қолдик. Мен унга: "Ҳозир сени ўпиб олсам эди", дердим, ва бундан иккимиз бирга кулардик.

Кейин мен барда бир ёқимтой қизни учратиб қолдим ва уни "ўраш"га ҳаракат қилдим. Бир йил уриниб, бунинг уддасидан чиқолмадим. Мен қўлимдан келганини қилдим, аммо барибир омад мендан юз ўгирди. Ўшанда менга нималар бўлаётганини ўзим ҳам унча тушунмасдим. Мен ўз ҳолатимга бўйсунишдан қўрқардим. Атрофимдагилар билан бўлган алоқаларим барбод бўлишидан хавфсирардим.

Санъат коллежида биринчи курсда ўқиб юрганимда бир трансгендер қиз билан учраша бошладим. У ўзини ўғил бола деб ҳисобларди.

Ўқитувчилар ва курсдошларимиз уни руҳий касал, манипулятор ва даволаш зарур бўлган телба, деб ҳисоблашарди. Биз у билан психиатрларга кўриндик ва кўплаб тестлар топширдик. Натижада менинг севгилим трансгендер, яъни аёл жисмидаги эркак эканлиги аниқланди. Унга Москвада жинсини ўзгартириш бўйича операция учун рухсатнома берилди. Фақат шундан сўнг курсдошларимиз уни ҳам, мени ҳам тушуна бошлашди. Ҳаммаси эмас, албатта.
Коллежда иккимиз ҳеч қачон қўл ушлашиб юрмас эдик, ҳатто гаплашмасдик ҳам. Лекин талабалардан бири сиримизни очди, ва бизни тез-тез директор олдига чақира бошлашди
Мен астмага чалинган эдим, аммо бу ҳақда справка олиб борганимда, коллеж раҳбарияти уни йиртиб ташларди. Ўқитувчимиз бизни ўқитишдан воз кечди. У гуруҳ ичида бунақа алоқаларга қарши эканлиги, бу нарса нотўғри, уят ҳисобланиши ҳақида баландпарвоз гапларни гапирарди. Мени бошқа гуруҳга ўтказишди. Эски гуруҳда менинг душманларим ҳам, тарафдорларим ҳам бўлган бўлса, янгисида мен мутлоқ радди маъракага айландим.

Шу даражага бориб етдики, мен коллежни зўрға тугатдим, севган қизим эса ўқитувчиларнинг босимига чидолмай академик таътил олишга мажбур бўлди. Баъзилар уни жамиятга мос эмаслиги учун иблис деб аташарди. Биринчи курсда у бир қиз билан учрашиб улгурган эди, мен унинг иккинчи "қурбон"ига айландим.
ДАҲШАТЛИ ҲУЖУМ
Отамни уч ёшимдан бери кўрмаганман
Бу менга муаммо туғдирмасди. Аксинча, отасиз сенга қийин бўлса керак, дейдиган кишилар мени ҳайрон қолдирар эди. Онам, барча оналар каби, ниманидир уддаларди, ниманидир эплолмасди.

Ойим ажойиб аёл. Она-қиз бир-биримизга доим ишониб келганмиз. Мен ойимга ҳар бир тажрибам ҳақида гапириб берардим, далда олиш учун эмас, балки ҳаётимда нималар бўлаётганини билиши учун. Бир куни севган қизим борлиги ҳақида айтиб беришга қарор қилдим. Мен онамни бахтли эканлигим билан хурсанд қилмоқчи эдим.

Ойим бу хабарни кўз ёш ва жанжал билан қарши олди. Мени эркак киши билан учрашишим онам учун жуда муҳим экан. Ойим қизимни уйдан қувиб чиқарарди, учрашишимизга изн бермасди, менга эса: "Агар ундан воз кечмасанг, мен ўзимни осаман", дерди. Онам қизимни охиригача қабул қилмади. Икки йил ўтиб биз у билан алоқаларимизни тўхтатдик.
Ўшанда мен кўплаб дўстларим ва танишларимдан айрилдим. Одамлар бировга ёрлиқ ёпиштиришни хуш кўришади, мен ҳақимда баъзилар: "Бу бекорга эркакка ўхшамас эканда, қизларни яхши кўраркан", дейишганини эшитганман. Ёки орқамдан: "Шунинг учун ҳам у ҳезалаклар билан дўсталашар экан-да", деб ғийбат қилишарди.

Яқинда онам билан суҳбатда яна менинг ориентациям ҳақида сўз очилди. Шунча вақт ўтди, ойимнинг фикри ўзгариб, мени қабул қилди, деб ўйлаган эканман. Инсонлар йиллар ўтиб тажриба орттиришади, ҳаётни таҳлил қилишади, уларга ақл киради, деган умидда эдим.
Лекин ойимнинг айтишича, мен бунга қарши чора кўришим керак экан, бундай ҳолатлар ўсмирлик даврида рўй бериб, кейин ўтиб кетар эмиш
Мен жуда қўрқиб кетдим. 25 ёшимда бошқа бир киши сенинг ҳаётингни бошқаришга ҳақи бор, деб ҳисоблашини англадим. Бир йирик сертук қўл сенинг ҳаётингга кириб олиб, ниманидир ўзгартиришга, чиқариб ташлашга, олиб қўйишга ва ўзи хоҳлаган ишини қилишга ҳақлидек гўё.
ЖАМИЯТНИНГ ҒАЙРИОДДИЙ ҚАТЛАМИ
Севган қизим билан видолашганимдан сўнг мен жамиятдан ажралиб қолдим
Фақатгина ким биландир учрашаётганинг учун яшашингга монелик қилишса, руҳан синиб қолишинг ҳеч гап эмас экан. Мен ўзимни жамиятнинг ғайриоддий қатлами, деб ҳис қилардим. Чунки атрофингдагиларнинг ҳаммаси чиройли ва эс-ҳуши жойида, ва уларни доим сендан афзал кўришади.

Кейин мен абьюзер йигит билан учрашишни бошладим. Муносабатларимиз оддий ва қоидали эди: у - пул топувчи, мен - хонадон бекаси. Масалан, у ҳатто овқат пиширишни билса ҳам, агар мен уйда бўлсам, ҳеч ишга қўл урмасди. Мени бу таажжубга соларди ва ғазаблантирарди. У эзишни ва манипуляция қилишни яхши биларди, ва мени усталик билан беқадр қиларди. Албатта, бу менинг даҳшатли тажрибам.

22 ёшимда барчаси ўйлаганимдек бўлмаётганини ва шунча вақт давомида орқага қараб кетганимни англай бошладим. Ўзимни ўзгартирмоқчи бўлдим, ҳаётимни бошқаларникидек бўлишига, онамнинг ва жамиятнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилдим. Шуни англаб етдимки, бу уринишлар бармоғингни кесиб олиб, ярангни даволаш учун қўлингни оловга тиқишдек гап экан. Шундан кейин ниҳоят ўзимнинг пансексуал эканлигимга кўника бошладим.
Ўзим билан ўзим қанча кўп суҳбат қурганим сари, айбдор мен эмас, менинг атрофимдагилар эканлигини шунча тез англай бошладим. Мен ноҳақ эмасман, одамлар эси заиф. Биз аъло даражада ўқисак ҳам, билим олишимизга тўсқинлик қилишарди, бизни ахлоқи бузуқ, дея ноҳақ айблашарди. Биз ноҳақ эмасмиз, балки бизга нисбатан бўлган муносабат адолатсиз. Бизни эмас, айнан ушбу муносабатни ўзгартириш лозим.

Ўша ёқимли ва ҳаётимда бурилиш ясаган ондан бошлаб, мен ўзимга, атрофимдагиларга ва яқинларимга ишонишни бошладим. Мени тушунадиган кишилар билан танишдим, улар менга, бошқалар каби, "бу ўтиш даври, ҳали ўзгариб кетасан" ёки "сенга ҳали ҳақиқий йигит учрамагани учун шундай", дейишмасди.

Албатта, менга интернет ёрдам берди. "Вконтакте" тармоғидаги кўплаб гуруҳларда, феминистлар форумларида бу ҳодисаларнинг барчаси нормал ҳолат эканлигини, бу сенинг танловинг эканлигини ва ким билан ётиб-туришинг жамиятни қизиқтирмаслиги кераклигини тушунтиришди. Шунингдек, бир дугонам ҳам менга ёрдам берди, у билан ўз ҳиссиётларим ҳақида дардлашардим, ва уларни бирга таҳлил қилардик.
Ҳозирги кунда мен эркаклар билан ҳам, аёллар билан ҳам алоқа қилишим мумкин. Муаммо фақат шундаки, муносиб йигит топиш қийин
Йигитлар мажбуран мускулларини чиқаришга ҳаракат қилгани сари, бир оз эси паст бўлиб бораётгандек гўё. Улар фикр юритишни эмас, куч, ҳукмронлик ва назоратни афзал кўришади. Шунинг учун йигитлар билан яқин алоқа ўрнатиш қийинроқ. Мен севган инсон ҳис қилишдан қўрқмаслиги керак. Ҳис-туйғуга берилиш эса жамиятда феминистик хислат сифатида кўрилади.
КИЧИК ЖАННАТ
Тошкентда мен ўзимни ноқулай ҳис қиламан
Бу шаҳарда севган қизим бўлишини истамайман, чунки триггерлардан ҳалигача халос бўлмадим. Балки, айнан шунинг учун ҳозир йигитим бор. Орамиздаги масофа узоқ, ва бу жуда хавфсиз. У бундан олдин ҳар икки жинс вакиллари билан ҳам учрашган, шунинг учун мен у билан ўзимни ноқулай ҳис қилмайман.

Ўзбекистонда ЛГБТ вакилларига нисбатан муносабат яхши томонга ўзгарди, нейтрал қараш пайдо бўлди. Аммо можаролар ҳам бўлиб туради. Биз бир куни кафеда ўтирган эдик, олдимизга бир дўстимиз келиб, у ерни тезроқ тарк этишимизни сўради. Биз нима бўлаётганини тушунмасакда, кетишга рози бўлдик. Кейинчалик, такси ушлаётганимизда, у бизга вазиятни тушунтириб берди. Қўшни столда ўтирган бир тўда йигитлар бизни муҳокама қилишган екан. Улар бизни гей ва лесбилигимиз учун калтаклашни режалаштиришган экан.
Шунинг учун менинг танишларим ўз қарашлари ҳақида фақат ўзлари ишонган кишиларга гапиришади. Орамизда янги кимса пайдо бўлса, унга одатда ишонилмайди.

Бу ғалати ва кулгили туюлиши мумкин, лекин гейлар орасида ҳам гомофоблар топилади. Улар "чегарадан чиққан" гейларни хуш кўришмайди. Албатта, бу каби гомофобия гетеросексуаллардаги нафратдан фарқ қилади. Гей-гомофоб: "Сен бизни ўз ахлоқинг билан шарманда қилма", деса, гетеросексуал-гомофоб ўзида яшириниб турган нарсадан қўрқади, чунки унинг ичида ҳали улғайиб улгурмаган "кичик гей" яшайди.

Гейларга бўлган муносабат, албатта, таажжубланарли. Мен бир дўстимдан Чеченистондаги вазият ҳақида (гейларни ўлдириш ва қийнаш ҳолатлари - Редакция изоҳи) сўраганимда, у менга: "Ҳа, эшитдим, иложини топганимда, ўзим ҳам бориб уларни ўлдирардим", деди. Ўша кундан бошлаб биз бир-биримиз билан гаплашмай қўйдик.
"Нотўғри" ориентация учун одам ўлдиришга тайёр бўлган кимсалар мени ҳайратга солади. Бундай шахслар билан мен ҳатто баҳслашиб ҳам ўтирмайман
Аҳмоқ билан жанг қилиш ўта хавфли, чунки сен уни нима қилмоқчилигини олдиндан билолмайсан.

Биз олдин Олма-отада яшаб, кейин секин-аста Тошкентга кўчиб ўтган болалар билан учрашиб турамиз. Уларнинг баъзилари ора-сира менинг уйимда яшашади. Барчасидан хабардор бўлган бундай кимсалар билан ҳаёт кечириш мен учун кичик бир жаннатдек. Бизнинг тўдамизда ҳеч ким бировнинг жинсига эътибор бермайди, биз учун кишининг хоҳиш-истаклари муҳимроқ. Барча истаклар ҳеч қандай танбеҳсиз инобатга олинади. Барчаси муҳокама қилиниб, икки томон розилиги билан амалга оширилади. Бизда секс ҳам адекват тушунча. Гетеросексуал муносабатларда яланғоч бўлиш қўрқинчли, чунки бу ниманидир англатади. Ҳатто сенинг лямканг тушиб кетса ёки кўйлагинг кўтарилиб қолса, бу уят ҳисобланади. Бизнинг орамизда кийимсиз ҳам юриш мумкин, биз учун бу одобсизлик ҳам, шармандалик ҳам эмас. Сен ўз тананг билан бирор кишининг ҳавасини келтиришни хоҳламайсан, ҳеч ким сени қизиқтиришга ҳам уринмайди.

Жамиятда мен ўзимни яхши маънода бошқача одамдек ҳис қиламан. Мен учун фақат инсон ва унга хос фазилатлар тушунчаси бор. Бирор бир хислат кишининг ўзига хосми ёки у жамият таъсирида ўзини шундай тутадими, мен буни англай оламан. Мен инсонларга қандай бўлиш кераклик ҳақидаги стереотиплар орқали қарамайман. Мен уларнинг аслида қандай эканликларини кўра оламан.
Жамиятда мен ўзимни яхши маънода бошқача одамдек ҳис қиламан. Мен учун фақат инсон ва унга хос фазилатлар тушунчаси бор. Бирор бир хислат кишининг ўзига хосми ёки у жамият таъсирида ўзини шундай тутадими, мен буни англай оламан. Мен инсонларга қандай бўлиш кераклик ҳақидаги стереотиплар орқали қарамайман. Мен уларнинг аслида қандай эканликларини кўра оламан.
Текст: Дарина Солод. Фото: Зарина Милибаева. Редактура: Анастасия Сечина. Иллюстрация: Наталья Макарихина. Перевод на английский: Ирина Галина. Перевод на узбекский: Жавохир Очилов
ещё истории